Сирдарё вилоятида 398 та хусусий ва оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган кенг қамровли санитария текширувлари натижасида қатор қоидабузарликлар аниқланди. Бу ҳақда УзА ёзмоқда.
Текширувлар вилоят ҳокимлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси ҳамда тегишли идоралар ҳамкорлигида амалга оширилди. Унинг асосий мақсади — хусусий боғчаларда болалар саломатлиги ва хавфсизлигига дахлдор санитария-гигиена талабларига қай даражада амал қилинаётганини ўрганишдан иборат бўлди.
Текширувлар давомида кўплаб муассасаларда санитария талабларига риоя этилмаётгани маълум бўлди. Жумладан:
60 та боғчанинг ошхонаси таъмирталаб ҳолда экани;
сув таъминотида узилишлар мавжудлиги;
қўл ювиш ускуналари етарли жиҳозланмагани;
ходимлар ва болалар белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтмагани;
ётоқ чойшаблари ва жиҳозлар эскиргани;
айрим хоналар ва эшиклар таъмирталаблиги аниқланди.
Аниқланган камчиликлар асосида бир қатор боғчаларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу чоралар масъулларни камчиликларни бартараф этишга мажбур қилиш ва болалар учун соғлом ҳамда хавфсиз муҳит яратишни таъминлаш мақсадида кўрилди.
– Текширув натижаларига кўра, санитария норма ва меъёрларини бузган 329 нафар масъул шахсга нисбатан суд органлари томонидан жами 333 миллион 480 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди, — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасанов.
Унинг сўзларига кўра, илгари ҳам хусусий боғчалар раҳбарлари учун санитария-гигиена талаблари бўйича ўқув-семинарлар ўтказилган бўлсада, айрим ташкилотларда талабларни бузиш ҳолатлари ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
Мутасаддилар таъкидлашича, болалар соғломлиги — жамият соғломлиги демакдир. Шу боис санитария қоидалари ва гигиена талабларига риоя этиш барча таълим муассасалари учун, уларнинг мулк шаклидан қатъи назар, мажбурий ҳисобланади.
Ҳозирда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, назорат ишлари вилоят миқёсида давом эттирилмоқда.