Римдаги машҳур Колизей ўз сирларидан бирини илк бор дунёга очмоқда: “Коммод йўлаги” деб аталган яширин императорлар йўлаги 2025 йил 27 октябрдан бошлаб сайёҳлар ташрифига очилади.
Бу туннель Рим императорларини халойиқ ва суиқасдчилардан ҳимоя қилган ҳолда бевосита Колизейдаги шахсий кузатув жойига олиб борган.
Йўл номини машҳур ва машъум император Коммоддан олган. У гладиатор сифатида жангларда иштирок этган ва айнан Колизейда ҳайвонларга қарши курашган. Шу билан бирга, йўлакнинг ўзи ҳам тарихий безакларга бой — деворларида ёввойи ҳайвонлар овлари, ҳайвонлар жанги тасвирлари акс эттирилган.
Археологлар бу йўлакни 19-аср бошларида қайта кашф этган, аммо у фақат 2024 йилда реставрациядан сўнг сайёҳлар учун тайёр ҳолатга келтирилди. Рим меъморлари йўлакни асл ҳолича сақлаб қолишга ҳаракат қилган: замонавий ёритиш тизими ва хавфсиз йўлак қўшилган, лекин қолган қисмлар деярли 2000 йил аввалгидек.
Реставрацияни бошқарган меъмор Барбара Наззарога кўра, ташриф буюрувчилар ҳозирда “император каби Колизейга кириб келиш ҳиссини” бошдан кечиришлари мумкин. Виртуал тиклаш ишлари орқали йўлак деворларидаги расм ва нақшлар, мармар безаклар аниқ кўринади.
Тарихни севувчилар ва антик Рим сирларига қизиққанлар учун бу ноёб имконият бўлиб, қадимий императорлар қандай яшаганини ўз кўзи билан кўриш имконини беради.