Тошкент шаҳри ва вилоятида наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ икки ҳолат фош этилди. ДХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказган тезкор тадбирлар давомида ички ишлар ходими ўз хизмат хонадонида яширин нарколаборатория ташкил этгани аниқланди.
Текширув давомида 10,5 килограмм “Альфа-ПВП”, 4 грамм “спайс” ва уларни тайёрлаш учун мўлжалланган ускуналар топилди. Шунингдек, инспекторнинг Тошкент туманидаги уйида 430 грамм “Альфа-ПВП” ерга кўмилган ҳолда яширилгани маълум бўлди.
Суриштирувга кўра, у “Телеграм” орқали фаолият юритувчи наркотармоқ билан ҳамкорлик қилиб, контрабанда йўли билан келтирилган синтетик моддаларни тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланган.
Яна бир ҳолатда эса Ангренда яшовчи икки ёш йигит 971 грамм “Катинон” моддаси билан ушланди. Улар “закладка” йўли орқали гиёҳвандлик воситаларини сотиб, даромад топмоқчи бўлишган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан иш қўзғатилди. Гумондорлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.