Самарқанд вилояти Булунғур туманида 80 нафардан ортиқ тиббиёт ходимига тўланиши керак бўлган кафолатланган тўловлар берилмаган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот берди.
Туман соғлиқни сақлаш бўлимида меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши ҳолати ўрганилганда, иш берувчи томонидан шартнома бекор қилинишидан аввал ходимлар оғзаки равишда огоҳлантирилгани, лекин ишдан бўшатилган ҳолда ишсиз юрган ходимларга белгиланган тўловлар амалга оширилмагани маълум бўлган.
Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра, иш қидириш даврида икки ойгача ўртача иш ҳақи сақланиши кафолатланган. Шу асосда 82 нафар тиббиёт ходимига жами 574 миллион 336 минг 165 сўм тўлиқ ундириб берилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда ходимлар манфаатини кафолатли ҳимоя қилиш бўйича янгича ёндашув жорий этилиши маълум қилинган эди.
Шунингдек, 2025 йилнинг III чорагида Head Hunter платформасида таклиф этилган ойлик маошлар ўртача 20,2 фоизга камайган, айрим соҳаларда эса иш ҳақи 72 фоизгача қисқарган.