Париждаги машҳур Лувр музейидан ўғирлаб кетилган қимматбаҳо буюмлар 88 миллион еврога баҳоланди. Прокуратура маълумотларига кўра, жиноятчилар 19 октябрь куни музей ходимлари либосида кириб, атиги 4 дақиқа ичида тарихий аҳамиятга эга 9 та буюмни олиб чиққан.
Улар орасида императрица Евгенияга тегишли минглаб олмос ва марваридлар билан безатилган тиара, брош ва бантилардан тортиб, Наполеон совға қилган маржонларгача бўлган ёдгорликлар бор. Прокурор жиноятчилар қимматбаҳо буюмларни шунчаки эритиб юбормаслигига умид билдирган. Айни пайтда тўрт нафар гумонланувчи аниқланган, аммо жиноятга алоқадор бошқа шахслар ҳам бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Франция расмийлари бу ҳодисани “тарихий меросга суиқасд” дея баҳолаб, жиноятчилар жавобгарликка тортилишини ва ёдгорликлар қайтарилишини ваъда қилишди.