Миср разведкаси раҳбари Ҳасан Рашод 21 октябрь куни Қуддусда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан учрашди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбатнинг мақсади АҚШ қўллаб-қувватлаган Ғазо бўйича сулҳни мустаҳкамлаш бўлган.
“Бош вазир Бинямин Нетаняху ва унинг мутахассислар жамоаси Миср разведкаси раҳбари билан Қуддусдаги бош вазир идорасида учрашди. Учрашув чоғида президент Трампнинг режасини илгари суриш, Исроил–Миср муносабатларини мустаҳкамлаш, икки мамлакат ўртасидаги тинчликни янада ривожлантириш ҳамда бошқа минтақавий масалалар муҳокама қилинди”, дейилади баёнотда.
Гап АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан илгари сурилган, дастлабки сулҳни ўз ичига олган Ғазо бўйича “йўл харитаси” ҳақида кетмоқда. Мисрнинг давлатга яқин Extra News нашрининг хабар беришича, Рашод Исроилда бўлиб турган АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф билан ҳам учрашади.
Рашоднинг Қуддусга сафари Исроил ва ҲАМАС ўртасида эълон қилинган сулҳ бошланганига бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтган пайтга тўғри келди.