Бердаҳ номидаги Қорақалпоғистон давлат университети олимлари ҳамда Геология давлат музейи мутахассислари ҳамкорлигида олиб борилган қазишмалар натижасида қадимги динозавр суяклари аниқланди.
Қорақалпоғистонда олиб борилган илмий тадқиқотлар давомида бундан 70 миллион йил аввал яшаган деб тахмин қилинаётган динозавр қолдиқлари топилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон-24” телеканали хабар берди.
Изланишлар Бердаҳ номидаги Қорақалпоғистон давлат университети олимлари ва Ўзбекистон Давлат геология музейи мутахассислари ҳамкорлигида амалга оширилган. Мутасаддиларнинг айтишича, топилган суяклар улкан динозавр турига тегишли бўлиши мумкин.
Музей директори Аҳмаджон Аҳмадшаев маълум қилишича, тадқиқот ўтказилган жойда умуртқа бўлаклари, оёқ суякларининг қисмлари ва бошқа суяк фрагментлари топилган. Улар бўр даврига тегишли бўлиб, тури ва ёши халқаро экспертлар иштирокидаги лаборатория таҳлилларидан сўнг аниқланади.
Тадқиқотлар якунлангач, топилган суяклар Ўзбекистон Давлат геология музейига топширилиб, жамоатчиликка намойиш этилиши кутилмоқда.