12 ноябрдан бошлаб аҳоли, бюджет ташкилотлари ва бошқа тўғридан-тўғри истеъмолчилар учун марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматларига янги тарифлар амал қила бошлайди.
Ҳоким қарори билан қуйидаги тарифлар тасдиқланган:
Асосий тариф — 711 641 сўм/Гкал (ҚҚСсиз);
Аҳоли учун — 139 860 сўм/Гкал (ҚҚСсиз);
Бюджет ташкилотлари учун — 925 797 сўм/Гкал (ҚҚСсиз);
Бошқа тўғридан-тўғри истеъмолчилар учун — 342 296 сўм/Гкал (ҚҚСсиз).
Шу тариқа, пойтахт аҳолиси учун иссиқ сувнинг 1 куб метри ҚҚС билан 8 928,7 сўмни ташкил этади. Агар ҳисоблагич бўлмаса, бир киши учун ойлик иссиқ сув тўлови ҚҚС билан 34 868,9 сўм этиб белгиланган.
Янги тариф бўйича иситиш нархи иситиш мавсумида ҳар бир иситиладиган квадрат метр учун 241,4 сўм (ҚҚС билан)ни ташкил этади.
Veolia Energy Tashkent таъкидлашича, давлат субсидияси механизми туфайли пойтахт аҳолиси иссиқлик энергиясининг тўлиқ қийматини тўламайди — харажатларнинг тахминан 80 фоизи маҳаллий бюджетдан қопланади.
“Тарифлар Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан оператор тақдим этган иқтисодий ҳисоб-китоблар ва техник маълумотлар асосида тасдиқланган. Тушумлар фақат иссиқлик ва иссиқ сув таъминотини таъминлаш, ҳамда иссиқлик тизими инфратузилмасини таъмирлаш ва янгилашга йўналтирилади”, - дейилади Компания баёнотида.
Шунингдек, компания ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтиш лойиҳасини амалга оширишда давом этмоқда. Бу тизим иссиқ сув ранги ўзгариши ҳолатларини бартараф этади, энергия самарадорлигини оширади ва пойтахтда барқарор ҳамда ишончли иссиқлик таъминотини таъминлайди.






