АсосийСПОРТ

Нидерландия Швеция устидан йирик ҳисобда зафар қозонди

Мухлисларга голларга бой ўйин тақдим этган нидерландлар рақибини 5:1 ҳисобида таслим этди.

'Нидерландия Швеция устидан йирик ҳисобда зафар қозонди'ning rasmi

2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг “F” гуруҳи 2-туридан ўрин олган Нидерландия ва Швеция терма жамоалари ўртасидаги баҳс якунланди. Мухлисларга голларга бой ўйин тақдим этган нидерландлар рақибини 5:1 ҳисобида таслим этди.

АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги “NRG Stadium” аренасида бўлиб ўтган учрашувни англиялик ҳакам Майкл Оливер бошқариб борди.

Нидерландия терма жамоаси ҳисобни ўйиннинг 5-дақиқасидаёқ очди. Ҳужумчи Брайан Бробби рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, 17-дақиқада ўзининг иккинчи голини урди ва дубль қайд этди.

Танаффусдан кейин ҳам нидерландлар босимни сусайтирмади. Коди Гакпо 47 ва 54-дақиқаларда гол уриб, жамоасининг устунлигини мустаҳкамлади.

Швеция сафида 59-дақиқада Энтони Эланга бир гол билан жавоб қайтарди. Бироқ учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Крисенсио Саммервилл ҳисобни йирик кўринишга олиб келди — 5:1.

Ушбу ғалабадан кейин Нидерландия 4 очко билан “F” гуруҳида якка пешқадамга айланди. Швеция ҳисобида эса 3 очко мавжуд. Гуруҳнинг яна бир учрашувида Япония ва Тунис терма жамоалари 21 июнь куни ўзаро баҳс олиб боради.

Сўнгги турда Нидерландия Тунисга қарши майдонга тушади, Швеция эса Япония билан куч синашади.

    Бошқа янгиликлар