Банк хизматларидан фойдаланувчилар ва тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, эндиликда давлат томонидан бериладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам пуллари, жумладан ижтимоий карталарга келиб тушадиган пулларни кредит қарздорлиги учун ундириш, шунингдек, кредитни онлайн расмийлаштиришда мижоз розилигини ифодаловчи майдончалар ёки кредит параметрларини олдиндан белгилаб қўйиш тақиқланди.
Низомга киритилган ўзгартиришлар билан, банклар кредит ажратиш вақтида истеъмолчиларга уни олиш билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлар тўғрисида чеклистни тақдим этиши ҳамда омонат ёки банк ҳисобварағи шартномасини тузиш жараёнларида фуқароларга омонатларни кафолатлаш тизими ҳақидаги ахборот билан таништириши лозимлиги белгиланди.
Банклар молиявий қийинчилик ёки мураккаб ҳаётий вазиятга тушган фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқиш тизими жорий қилинган бўлиши ва бу ҳақда ўзларининг веб-сайтларида эълон қилиши керак.
Бунда кредитларни реструктуризация қилиш, масалан тўлов муддатларини узайтириш, фоизларни қайта кўриб чиқиш, жумладан ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёлларнинг кредит тўлови муддатларини ўн ойгача узайтириш бўйича аризаларни кўриб чиқиш назарда тутилиши керак.






