АсосийЖамият

Бухоролик қассоблар Германияга ишга таклиф қилинмоқда

Маош ойига 4400 евро.

'Бухоролик қассоблар Германияга ишга таклиф қилинмоқда'ning rasmi

Бухорода қассобчилик соҳаси бўйича халқаро стандартлар асосида тайёргарлик кўраётган фуқаролар Германияда ойига 4400 евро маошли ишга жўнатилади.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Бухоро ҳудудий филиали маълум қилди.

Куни кеча филиалда Германиянинг "The International People" рекруитинг ташкилоти раҳбари Томас Фёрстер бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокарада иш берувчи ташкилот олдига қўйиладиган талаблар, меҳнат муҳожирлари учун яратилаётган қулайлик ва шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Хусусан, Германияда қассобчилик йўналишида ишлаш истагида бўлган номзодларни 3–6 ой давомида халқаро стандартлар асосида ўқитиш, жараёнга хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳамда талабгорларнинг тил ва касбий маҳоратини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Германия томони ташаббуси билан Бухорода қассобчилик бўйича билим ва кўникмаларни баҳолаш ҳамда сертификатлаш марказини ташкил этиш, бунинг учун махсус жой ажратиш режаси ҳам муҳокама қилинди.

Дастурнинг илк босқичида 20 нафар фуқарони бепул касбий тайёргарлик ва немис тили курсларига жалб этиш, уларни қисқа муддат ичида ҳужжатлаштириб, Германияга ишга юбориш кўзда тутилган. Кейинчалик, 100 нафар фуқарони ойига 4400 евро маошли қассобчилик иш ўринлари билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди.

Томас Фёрстер мазкур ташаббусни Бухорода ишсизликни қисқартириш, аҳолини бандлик билан таъминлаш ҳамда хорижий меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашда муҳим қадам сифатида баҳолади.

Учрашув якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш ва амалий натижаларга эришиш бўйича келишиб олдилар.

    Бошқа янгиликлар