Сурхондарёда “жазони енгиллаштириш” ва “қамоқдан чиқариш” эвазига мижозидан 60 минг АҚШ доллари талаб қилган адвокатга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Аниқланишича, Жарқўрғон туманида фаолият юритувчи “СХМ” адвокатлик ҳайъати адвокати Р.Н. ушбу тумандаги ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми “а” банди (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан иш қўзғатилиб, иши судда кўрилаётган Ж.Қ.нинг акаси О.Ч.дан 60 минг доллар пора талаб қилган. Бу пуллар эвазига эса танишлари орқали укасининг жазосини “енгиллаштириш”ни ваъда қилган.
2025 йилнинг 11 июль куни ДХХ ва прокуратура органлари ходимлари томонидан Жарқўрғон тумани “Сурхон соҳили” маҳалласида тезкор тадбир ўтказилади. Унда Р.Н. талаб қилган пулидан 50 000 АҚШ долларини ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
“Бир неча йилдан буён адвокат сифатида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича фуқароларга ёрдам кўрсатиб келаман. О.Ч. билан суҳбат давомида айрим деталларни эшитиб, тажрибамдан келиб чиқиб, укаси очиққа чиқарилиш мумкин, деб ўйлагандим. Шу сабабли унга судда қатнашиб беришимни, бунинг учун шартнома қилинишини билдиргандим. Хизмат ҳақи сифатида 15 000 АҚШ доллари сўрагандим”, деди судланувчи ўз кўрсатмасида.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ тумани суди томонидан Р.Н. Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди (пора бериш) айбли деб топилди. Унга 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, 2 йил муддатга адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.






