Президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Янги Тошкентда йирик спорт иншооти – замонавий футбол стадиони қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, 2 октябрь куни ФИФА Кенгаши йиғилишида футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 2027 йилдаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.

Ушбу жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинлар икки мамлакатдаги 3 тадан стадионда ўтказилади. Жаҳон чемпионатларининг финал ва ярим финал ўйинлари сиғими 50 мингдан кўп бўлган стадионда ўтказилиши ФИФА талабларидан бири ҳисобланади.
"Шу боис, мамлакатимиз футболи учун муҳим лойиҳа – Янги Тошкент стадиони қурилишини бошлаймиз. Қиймати 100 миллион долларлик ушбу стадион қурилиши учун нега айнан Янги Тошкент ҳудуди танланди? Сабаби Янги Тошкент келажакда мамлакатимизнинг янги имкониятлар ва илғор ғоялар марказига айланади", – деди давлат раҳбари.

Янги Тошкент ҳудудидаги барча лойиҳалар замонавий меъморчилик ва миллий қадриятлар уйғунлигида экологик ва “ақлли бошқарув”га асосланиб барпо этилмоқда. Шу умумий концепция асосида қуриладиган янги стадион ҳам табиат билан уйғун бўлади ҳамда “яшил энергия”, “ақлли бошқарув” ва “қулай муҳит” тамойилларига асосланади.

Янги Тошкент стадиони ФИФАнинг барча талабларига мос равишда барпо этилади ҳамда Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол майдонларидан бири бўлади.
Бу иншоот нафақат 2027 йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун, балки бутун ўзбек футболи ва ёшлар спортининг келгуси ўн йиллик ривожи учун хизмат қилиши таъкидланди.
Шу муносабат билан чемпионатга тайёргарлик бўйича алоҳида давлат дастури қабул қилиниши айтилди. Инфратузилма, транспорт, меҳмонхона, тиббий хизмат ва волонтёрлик тизимлари бўйича масъул вазирликларга аниқ вазифалар белгилаб берилади.

"Янги Тошкент стадиони учун ҳозир биз қўядиган тамал тоши – бугунги меҳнатимизнинг ва эртанги ғалабаларимизнинг асосидир. Ишонаманки, бу улкан иншоот ёшлар учун илҳом, халқимиз учун ифтихор рамзларидан бири бўлиб, юртимиздаги миллионлаб футбол мухлисларига катта совға бўлади", – деди Президент.

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент стадиони пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.






