Жиззах вилоятида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи тадбиркордан лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериш эвазига пора олгани учун қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, у аввалроқ кўп қаватли уй қурилиши бўйича ҳужжатни тасдиқлаб бериб, 200 АҚШ доллари олган. Кейинроқ тадбиркор мактаб қурилиши лойиҳаси учун мурожаат қилганида, мансабдор бу сафар 6 миллион сўм талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Прокуратура органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у пора маблағини турмуш ўртоғи орқали олаётган пайтда ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага кўра, мансабдор 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.






