Энг оммабоп криптовалюта — биткоин нархи сўнгги кунларда жиддий қулади. 17 ноябрь куни Тошкент вақти билан 13:25 ҳолатига кўра, бир биткоин 95 638 доллардан савдо қилинмоқда. Бу кўрсаткич активнинг жорий йилда қайд этилган энг юқори қиймати — 126 минг доллардан деярли 25 фоизга паст.
2025 йилнинг аксар қисмида биткоин барқарор ўсиб борган, айниқса октябрь ойида нарх 125–126 минг доллар оралиғида рекорд даражаларни кўрганди. Бироқ Investing.com маълумотларига кўра, ҳозир криптовалюта курси бир кунда яна 0,5 фоизга арзонлаб, тахминан 500 долларга тушган.
Шунга қарамай, айрим экспертлар бу тушишни хавотирли деб баҳоламасликни айтади. Уларнинг фикрича, октябрь–ноябрь ойларидаги беқарорлик ва инвесторлар кайфиятидаги пасайишга қарамай, криптобозорнинг узоқ муддатли истиқболлари ҳануз ижобий кўринмоқда.
Биткоин нархининг кескин ўзгариши бозорда навбатдаги катта тебранишлар даври бошланганидан далолат бермоқда.






