Ўзбекистонга тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари олиб кирилганда божхона божидан озод қилинади. Бу ҳақда 25-ноябр куни имзоланган “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида қайд этилган.
Фармонга кўра, атмосфера ҳавосининг РМ 2.5 зарралари билан ифлосланиш манбаларини аниқлаш учун Экология қўмитаси ҳузурида Атмосфера ҳавосини чуқур ўрганишга қаратилган махсус лаборатория ташкил қилинади.
Ушбу лаборатория учун ускуналар ва бошқа жиҳозлар, автоматлашган кичик стансиялар, ташланмаларнинг автоматик мониторинг стансиялари, автоматик кузатув постлари, чанг-газ тозалаш ускуналари, локал сув тозалаш иншоотлари ҳамда тадбиркорлик субектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилади.
Шу билан бирга, махсус лабораторияга оптик таҳлиллар олиб бориш учун термооптик анализатор ускунаси ҳамда атмосфера ҳавоси намуналарини йиғиб олиш учун 5000 дона кварс филтрлар энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан-тўғри харид қилинади.






