Шахмат бўйича Жаҳон кубоги соҳиби Жавоҳир Синдаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Президент совғаси — 3 хонали хонадон билан тақдирланди.
Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди. Спортчи мураббийлари эса пул мукофотларига сазовор бўлди.
Шунингдек, миллий терма жамоа аъзоси Жавоҳир Санжарбекович Синдоровга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони берилди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик иқтидорли шахматчи Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон кубоги финалида хитойлик гроссмейстер Вей Йини тай-брейкда 1,5:0,5 ҳисобида мағлуб этиб, мамлакатимиз тарихида биринчи бўлиб ушбу мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.
Синдаров мусобақа давомида Никита Петров, Николас Теодору, Ю Янгйи, Фредерик Сване, Хосе Мартинес Алкантара ва Нодирбек Ёқуббоев каби кучли рақибларни енгиб, финалгача етиб келди.
Унинг ушбу муваффақияти Жавоҳир Синдаровга 2026 йил март ойида ўтказиладиган номзодлар турнирида иштирок этиш имконини беради.






