Инспекция хабарига кўра, жорий йилнинг 26 ноябридан 2 декабригача бўлган муддатда 90 та ёқилғи қуйиш шохобчасидан жами 191 та намуналар олинган. Таҳлиллар натижасида 23 та ҳолатда 306 минг литрдан ортиқ ёқилғи давлат стандартларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Январь–ноябрь ойларида эса республика бўйича 632 та объектда ўтказилган текширувларда 210 та шохобчада жами 8,5 миллион литрга яқин сифатсиз маҳсулот фош этилган. Мазкур ёқилғиларнинг савдога чиқарилишига йўл қўйилмай, сифатни тиклаш бўйича кўрсатмалар берилган.
Тошкент шаҳри ва вилоятида ўтказилган ўрганишлар чоғида 70 та АЁҚШдан олинган 146 та намунадан 18 таси талабга жавоб бермаган. Бунда 205 минг литрга яқин маҳсулот сифатсиз деб топилган.
Эслатиб ўтамиз, президент қарорига биноан 2025 йил 1 декабрдан бошлаб Аи-80 бензини савдоси тўхтатилган.
Шунингдек, қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, сифатсиз маҳсулот туфайли аҳолига зарар етган тақдирда мувофиқликни баҳолаш органлари ҳам жавобгарликка тортилиши белгиланган.






