Президентнинг 11 декабрдаги қарорига кўра, ОАВ, нашриёт ва рақамли ахборот соҳаларига оид барча назорат функциялари энди Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги махсус инспекция томонидан амалга оширилади.
ПҚ–371-сонли қарорга мувофиқ, аввал Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ваколатига кирган мониторинг ва назорат вазифалари тўлиқ янги инспекцияга ўтказилди. Эндиликда ахборотлаштириш, телекоммуникациялар, почта алоқаси ва рақамли хизматлар сифати устидан давлат назорати кучайтирилади.
Қарорда сунъий интеллект тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий таъминот ва рақамли ресурслар фаолияти ҳам тўлиқ назорат доирасига олиниши белгиланган. ОАВни рўйхатдан ўтказиш, уларнинг қонунчиликка риоя этишини мониторинг қилиш, шунингдек нашриёт ва матбаа фаолияти устидан текширувлар ҳам янги инспекция ваколатига ўтказилди.
Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича механизмлар кенгайтирилади, онлайн платформаларда тақиқланган контент тарқалишини чеклаш бўйича қўшимча ваколатлар берилди.
Шунингдек, “Хабар” газетаси муассиси ўзгариб, унинг акциялари Президент Администрацияси ҳузуридаги контент тайёрлаш марказига ўтказилади. Тугатилган АОКАнинг барча назорат функциялари инспекцияга топширилди.
Янги инспекцияга 54 та қўшимча штат бирлиги ажратилиб, умумий ходимлар сони 172 тага етказилади. 2027 йил 1 январгача “Рақамли назорат” платформасини ишга тушириш вазифаси қўйилган бўлиб, у орқали республиканинг барча ҳудудларида рақамли хизматлар сифати мунтазам кузатиб борилади.






