АсосийЖамият

Тошкентда наркотик модда савдоси билан шуғулланган йигит ва қиз қўлга олинди

Улар ижара олган хонадонида нарколаборатория ташкил этгани аниқланди.

'Тошкентда наркотик модда савдоси билан шуғулланган йигит ва қиз қўлга олинди'ning rasmi

Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Хусусан, Яшнобод туманида яшовчи, 1999 й.т., муқаддам Жиноят Кодексининг 276-моддаси билан судланган шахс ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 2006 й.т. фуқаро қўлга олиниб, улардан 507 дона “Прегабалин” ва 52 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахслар томонидан ижарага олинган хонадон ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, улар ушбу манзилда нарколаборатория ташкил этганликлари аниқланиб, 4 кг 326 гр кукун кўринишидаги “Прегабалин” моддаси, 200 гр “Тропикамид” ва кучли таъсир қилувчи моддаларни тайёрлашда фойдаланиладиган 71 кг кимёвий моддалар, шунингдек, уларни қадоқлаш учун керак бўладиган флакон ва капсулалар ҳужжатлаштириб олинди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу ёшлар нарколаборатория ташкил этишлари биланоқ қўлга олиниб, сотиш мақсадида қўлбола усулда тайёрлаган кучли таъсир қилувчи моддаларни локациялар орқали мижозларга тарқатишга улгуришмади. Бу билан 208 минг дона бир маротабалик дозани аҳоли орасида тарқатилишининг олди олинди.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

    Бошқа янгиликлар