Нигериянинг шимоли-шарқидаги Майдугури шаҳрида жойлашган масжидда содир бўлган портлаш оқибатида камида етти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 24 декабрь куни шом намози олдидан Гамбору бозори ҳудудидаги масжидда юз берган. Портлаш вақтида масжид одамлар билан тўла бўлган. Айрим гувоҳлар ҳужумни ўз жонига қасд қилган шахс амалга оширганини айтмоқда.
Маҳаллий полиция бу воқеани эҳтимолий террорчилик ҳужуми сифатида баҳоламоқда. Ҳозирча ҳеч бир қуролли гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олмаган. Жароҳатланганлар сони аниқ эмас, улар ўнлаб кишилар бўлиши мумкин.
Майдугури Борно штати пойтахти бўлиб, у “Боко Ҳарам” ва ИШИДга алоқадор гуруҳлар фаолияти билан боғлиқ ҳудуд ҳисобланади.






