Ҳукуматнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштиришга қаратилган қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизими “Маъмурий амалиёт” модули масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади.
2026 йил 1 февралдан бошлаб умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари, конлар, шахта ва карерларда қўлланиладиган махсус транспортлар, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар, шунингдек, антиквар автомототранспортлар учун алоҳида серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади.
Шу билан бирга, ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспортлардан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади. Улар давлат рўйхатидан чиқарилади. Автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби ҳам бекор қилинади.
Уларни давлат рўйхатидан ўтказишда қуйидаги ҳужжатларни ваколатли органлардан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олиш йўлга қўйилади:
автомототранспорт олди-сотди шартномаси;
“Электрон онлайн ауционларни ташкил этиш” АЖ томонидан берилган ауцион баённомалари;
давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган автомототранспортларга бериладиган электрон ҳисоб-маълумотлар;
автомототранспорт воситаси мулкдорининг маълумотлари.






