АсосийЖамият

Ўзбекистонликлар Nipah вируси бўйича огоҳлантирилди

Аввалроқ Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳри яқинида давоси ва вакцинаси мавжуд бўлмаган хавфли Nipah вируси тарқалгани ҳақида хабар берилганди.

'Ўзбекистонликлар Nipah вируси бўйича огоҳлантирилди'ning rasmi

Шу муносабат билан Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси расмий маълумот тақдим этди.

Қайд этилишича, Nipah вируси ҳайвонлардан, хусусан кўршапалаклардан одамга юқади. Шунингдек, зарарланган озиқ-овқат орқали ҳамда одамдан-одамга юқиши мумкин. Вирус асосан бош мия яллиғланиши ва оғир нафас йўллари касалликларини келтириб чиқаради.

Мутасаддиларнинг билдиришича, Nipah вируси Ўзбекистонда қайд этилмаган, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор. Шунга қарамай, Ҳиндистонга боришни режалаштираётган фуқароларга эҳтиёт чораларига амал қилиш тавсия этилди.

Хусусан:

шахсий гигиенага риоя қилиш;

қўлларни совунлаб ювиш ва антисептиклардан фойдаланиш;

мева-сабзавотларни яхшилаб ювиш;

текширилмаган сувни ичмаслик;

кўршапалаклар тишлаган ёки шикастлаган меваларни истеъмол қилмаслик лозим.

Агар юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи ёки бошқа аломатлар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарурлиги эслатилди.

Шунингдек, мамлакатга касалликлар кириб келишининг олдини олиш мақсадида 54 та чегара пунктида доимий санитария назорати олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар