Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонликка мутлақ муросасизлик сиёсати кучайтирилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан имзоланган янги буйруққа кўра, таълим муассасаларида болаларга зўравонлик қилган педагоглар ишдан бўшатилиши мумкин.
“Халқ таълим инфо” маълум қилишича, мазкур буйруқ “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ҳужжат билан таълим муассасаларининг одоб-ахлоқ қоидалари, ички меҳнат тартиби ҳамда ходимлар лавозим йўриқномалари янгиланган таҳрирда тасдиқланган.
Буйруққа асосан, педагог ва бошқа ходимлар болаларга нисбатан зўравонлик содир этмаслик, шунингдек, зўравонликка учраган болалар ҳақида тегишли идораларни хабардор қилиш мажбуриятини олади. Бу талаблар меҳнат шартномаларига ҳам киритилган.
Қайд этилишича, болаларга нисбатан зўравонлик меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузиш сифатида баҳоланади ва бу ҳолат иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлади.
Шунингдек, педагог нафақат ўқувчиларга, балки ҳамкасбларига нисбатан зўравонлик қилгани исботланса, мактаб директори ташаббуси билан ишдан бўшатилиши мумкин.
Бундан ташқари, ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун масъул шахсларни тайинлаш вазифаси юклатилган.






