Тошкент шаҳрида ёнғин хавфсизлиги талабларини қўпол равишда бузганлиги сабабли бир нечта бинолар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълум қилди.
5 февраль куни пойтахтдаги одамлар кўп йиғиладиган масканларда ёнғин хавфсизлиги текширувлари ўтказилди. Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яккасарой, Янгиҳаёт, Юнусобод ва Яшнобод туманларида жойлашган 7 бино аниқланган камчиликлар бартараф этилгунига қадар ёпилди. Ҳозирда ушбу объектларда камчиликларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 31 январь куни Яшнобод туманидаги “Авиатор” савдо мажмуасида йирик ёнғин содир бўлиб, 3 ёшли қизча ҳалок бўлган ва 800 квадрат метр майдон зарар кўрган. Шундан сўнг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча савдо ва кўнгилочар марказлар ҳамда хизмат объектларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини қатъий назорат қилиш бўйича мурожаат билан чиққан.






