Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 6,8 фоизга, саноат 7,2 фоизга, хизматлар соҳаси 13,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,3 фоизга ўсди. 2026 йилда эса иқтисодиёт тармоқларида янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига саноатда 8,6 фоизлик ўсиш таъминланиши, 3,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши ва 727 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.
Йиғилишда саноатда 1,7 миллиард долларлик 195 та лойиҳа ишга туширилиши, янги микро саноат марказлари ташкил этилиши, шунингдек, йирик саноат зоналари барпо этилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилиш якунида масъулларга янги иш ўринлари яратиш, инвестиция ва экспорт кўрсаткичларини ошириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.






