Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Самарқанддаги "JV MAN Auto-Uzbekistan" Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Олий мартабали меҳмон қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон жаҳонда автомобиль ишлаб чиқарувчи етакчи давлатлар қаторига қўшилди. Бугун Ўзбекистон автосаноати маҳсулотларига кўпгина мамлакатларда, жумладан, Қирғизистонда ҳам талаб юқори.
"JV MAN Auto-Uzbekistan" қўшма корхонасининг ташкил этилиши мамлакатимизда автомобилсозликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йил 16 февралдаги «Оғир юк кўтарадиган автомототранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни келгусида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда оғир юк кўтарадиган "MAN" автомобилларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш комплекси барпо этилди.
Бу ерда 15 тоннадан 50 тоннагача юк кўтариш қувватига эга замонавий юк машиналари, жумладан, автокранлар, изометрик фургонлар, сув ташиш машиналари, комбинацияланган йўл машиналари, канал тозалаш машиналари, бетон қоригич, пахта ва чиқинди ташиш машиналари ишлаб чиқарилмоқда.
Завод ҳудудида ташкил қилинган тайёрлов ва малака ошириш марказида юк автомобилларига техник хизмат кўрсатадиган механик ва чилангарлар ўқитилмоқда. Корхонада хавфсиз ва самарали бошқариш бўйича махсус "MAN ProfiDrive" дастури асосида оғир юк кўтарадиган машиналар ҳайдовчилари тайёрланмоқда. Ҳайдовчиларни ушбу тизим асосида ўқитиш ёқилғининг 20-30 фоизини тежаш, ҳаракатлантирувчи қисмлар ва трансмиссия элементларининг хизмат муддатини узайтириш, автомобилни хавфсиз бошқариш имконини беради.
Қирғизистон Республикаси Президенти замонавий стандартларга мувофиқ энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган ва мамлакатимиз автомобиль саноатининг муваффақиятини намоён этадиган ушбу корхона фаолиятини юқори баҳолади.
24.12.2016 19:00