Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган 8 давлат — Туркия, Миср, Иордания, Индонезия, Покистон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Исроил томонидан Ал-Ақсо масжидига киришга қўйилган чекловларни қоралади. Бу ҳақда Daily Sabah хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур давлатлар ташқи ишлар вазирлари қўшма баёнот қабул қилган. Унда Исроил ҳукумати Рамазон ойида мусулмонларнинг Ал-Ақсо масжидига киришига тўсқинлик қилаётгани танқид қилинган ва халқаро ҳамжамият бу ҳолатга нисбатан чора кўришига чақирилган.
Баёнотда Қуддуснинг Эски шаҳри ва ибодат жойларида жорий этилган хавфсизлик чекловлари халқаро қонунлар, жумладан, халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига зид экани таъкидланган.
Вазирлар, шунингдек, Исроилни Ал-Ақсо масжиди эшикларини очишга, Қуддуснинг Эски шаҳрига кириш чекловларини бекор қилишга ва мусулмон ибодат қилувчилар учун масжидга эркин кириш имкониятини таъминлашга чақирган.






