Аввалроқ, Кармана тумани ҳокими ўқитувчиларни ҳокимиятда 1 соат тик ҳолатда турғизиб қўйиб, мажлис қилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгач, Расул Кушербаев ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирди.
“Халқимизда устоз отангдек улуғ деган ибора бор. Кармана тумани ҳокими куни-кеча отасидек улуғ инсонларни, яъни ўқитувчиларни мактабдан автобусга тиқиб, ҳокимликка олиб бориб, бир соат устозларни тик ҳолатда мажлисда қатнашишга мажбур қилади. Гўёки бу таълим сифатини оширармиш. Ҳоким жаноблари нима учун бундай қилган? Чунки у киши мактабга борса, ўша ерда ўқийдиган мактаб ўқувчилари унга шеър айтиб беролмаган. Бу ҳоким жанобларининг шеър эшитгиси келган, ўзини мадҳ этадиган шеърларни айтиб беролмагани учун шу йўл билан ўқитувчиларни жазолаган.
Бу ҳоким президентнинг жойлардаги вакили. Мана президентнинг вакилининг аҳволини кўряпсизми? Бу кадрлар тизимининг қанчалик оқсоқлигини кўрсатади. Чуқур инқирозга тушганини кўрсатади. Мана шунақа фаросатдан қисганлар ҳам келиб қоляпти лавозимларга.
Ҳоким ўзи аслида мактабга бориб, мактабнинг ҳолати қандайлигини, парталар етарлими-йўқми, электр ўчмаяптими, мактабга келадиган йўллар яхшими, мактабга олиб келадиган кўприклар яроқли ҳолатдами мана шуларни сўраши керак.
Сиз аввал отангизни, онангизни ҳокимиятнинг мажлисига олиб келинг-да 1 соат уларни мажлисда тик оёқда турғизиб қўйинг. Эшитсин сизни. Раво кўрасизми шуни ота-онангизга? Ота-онангизга раво кўрсангиз кейин ўқитувчига шундай қилинг!
Бир вақтлар ўқитувчиларни хор қилиб, пахтага ҳам олиб чиқдик, ажириқ теришга ҳам олиб чиқдик, йўл тозалашга ҳам олиб чиқдик. Ўша пайтда таълимдан узилиб қолдик ва мана бунинг натижаси. Ўша пайтдаги авлод ҳозир етишиб чиқиб лавозимда ўтирибди”, - дейди Кушербаев.
Эслатиб ўтамиз, Расул Кушербаев аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокими ҳақида ҳам ўзининг танқидий фикрларини билдирган эди.






