АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон вакиллари Эрон билан навбатдаги музокараларни ўтказиш учун Покистон пойтахти Исломободга йўл олишини маълум қилди.
Президент ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида баёнот берган. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Трампнинг таъкидлашича, АҚШ музокарачилари душанба куни Исломободга етиб боради ва Эрон билан мавжуд кескинлик ҳамда можаронинг ечимига доир музокараларни бошлаши режалаштирилган.
“Менинг вакилларим Исломободга йўл олишмоқда. Улар эртага кечқурун музокаралар учун у ерга келишади”, — деб ёзган АҚШ президенти.
Ҳозирча Трамп делегация таркибига кимлар кириши, шунингдек, музокараларда қайси масалалар муҳокама қилиниши юзасидан батафсил маълумот бермаган.
Мазкур учрашув АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатларда навбатдаги дипломатик босқич сифатида баҳоланмоқда.






