АҚШ Адлия вазирлиги Нью-Йоркда фаолият юритувчи ва ўзбек маданиятидан илҳомланган «Poetica Coffee» қаҳвахоналар тармоғига нисбатан фуқаролик ҳуқуқлари бузилиши эҳтимоли бўйича тергов бошлади. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Терговга АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси Дэн Голдманга хизмат кўрсатишдан бош тортиш ҳақидаги баёнот сабаб бўлган. АҚШ Адлия вазирлигининг Фуқаролик ҳуқуқлари бўйича бўлими раҳбари Хармит Дҳиллон мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказиш бўйича топшириқ берганини маълум қилди.
«Бундай ҳаракатлар нафақат қораланиши лозим, балки қонунга зид бўлиши ҳам мумкин. Агар қонунбузарлик аломатлари аниқланса, тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилади», деб ёзди у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълум бўлишича, Бруклин ва Ист-Виллиж ҳудудларида бир нечта филиалга эга бўлган «Poetica Coffee» 21 июнь куни қаҳвахоналардан бирига ташриф буюрган Дэн Голдман ҳақида ижтимоий тармоқларда кескин мазмундаги баёнот эълон қилган.
Унда муассаса ирқчилик, фашизм, гомофобия ва геноцидни қўллаб-қувватловчи шахсларга хизмат кўрсатмаслиги билдирилган. Шунингдек, Голдман сарфлаган 9,82 доллар маблағ қайтариб берилгани ва унинг келгусида қаҳвахонага ташриф буюрмаслиги сўралган.
Қаҳвахона асосчиси Парвиз Муҳаммадқулов ҳозирча ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Дэн Голдман эса мазкур ҳолат бўйича федерал тергов ўтказилишини тўғри деб ҳисобламаслигини билдирган. Унинг фикрича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўз ресурсларини оддий фуқароларга нисбатан содир этилаётган антисемитизм ҳолатларини ўрганишга йўналтириши лозим.
Ҳозирча Адлия вазирлиги «Poetica Coffee»га нисбатан қайси ҳуқуқий асослар бўйича чора кўриши мумкинлиги маълум эмас.
АҚШ федерал қонунчилиги ва Нью-Йорк штати қонунларига кўра, корхоналар мижозларга ирқи, дини, жинси ёки миллий келиб чиқишига қараб хизмат кўрсатишни рад этиши тақиқланади. Бироқ ушбу талаблар сиёсий қарашлар ёки мафкуравий позицияларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Маълумот учун, Дэн Голдман Демократик партиянинг Исроилни қўллаб-қувватловчи сиёсатчилари қаторида саналади ва ўзини сионизм ғояларининг тарафдори сифатида таърифлаб келади.






