Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириб бериш эвазига пора талаб қилган мансабдор шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Тойлоқ тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бўлинма бошлиғи ўзининг мансабдор танишлари орқали якка тартибдаги тадбиркорга тегишли нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи учун санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириб бериш эвазига 9 миллион сўм талаб қилган.
Қайд этилишича, мазкур шахс аввалроқ 100 АҚШ доллари ва 500 минг сўм олган. Кейинчалик талаб қилинган маблағнинг яна 400 АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни коррупция ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда идоранинг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирган. Қайд этилишича, мурожаат этувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.






