Наманган вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбирларда тўрт нафар шахс ушланди. Улардан жами 2 килограмм 214 грамм гашиш моддаси олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида ўтказилган тадбирларда қуйидагилар аниқланди.
Наманган шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган шахс 341 грамм гашиш моддасини 6 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тезкор тадбир давомида унинг яшаш хонадонида ўтказилган кўздан кечириш жараёнида яна 1 килограмм 473 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланди. Ушбу модда процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, Наманган тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Жентра” русумли автомобиль тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилди. Натижада автомобиль ҳайдовчиси — Наманган шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс ҳамда унинг 1992 ва 1988 йилларда туғилган икки нафар шеригидан жами 400 грамм гашиш моддаси олинди.






