2016 йилнинг 31 декабридан 2017 йилнинг 1 январига ўтар кечаси Истанбул шаҳрининг Reina машҳур тунги клубларидан бирида мудҳиш террорчилик ҳаракати содир этилди.
Reina тунги клубига шу куни эски йилни кузатиб, Янги йилни кутиб олишга 700 киши тўпланган эди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, клуб ҳаддан ортиқ тўла бўлган.
Ҳодиса оқибатида 39 нафар киши ҳалок бўлди, 69 нафар жабрланганлар касалхонада. Ҳалок бўлганларнинг 16 нафари чет эл фуқароларидир. Террорчи воқеа жойидан яширинган. Айрим расмий манбалар террорчи полиция томонидан қўлга олинганлигини таъкидласа, яна айримлари у ҳали ҳамон озодликда дейишмоқда.
Ҳаммаси қандай содир бўлди
Истанбулдаги маҳаллий вақт билан тунги соат 1:30 да клубга Санта-Клаус қиёфасида террорчи кириб келди. Айримлар улар икки-уч киши бўлган дея гувоҳлик беришмоқда. Ҳужум уюштирган шахс Калашников автоматидан ташриф буюрганларга қарата ўқ узган.
Истанбул мэри Васип Шахин ҳужум пайтида бир нафар полиция офицери ҳалок бўлганини ҳамда содир этилган ҳодиса терактлигини таъкидламоқда. 69 киши касалхонада, улардан олти нафари — ёмон аҳволда. Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.
Қотилни излаб
Ҳозирча Туркия полицияси гувоҳларнинг бир-бирига қарши кўрсатмаларидан террорчилар сонини аниқлаша олмаяпти. Теракт содир этилгандан кейин матбуотда ҳужумчи ўлдирилганлиги ҳақидаги хабар чоп этилди. Кейинроқ полиция ушбу маълумотни рад этди.
Айни дамда террорчини қидириш ишлари давом этмоқда.
Мазкур террорчилик ҳаракати учун “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти жавобгарликни бўйнига олди.
Аввал хабар берганимиздек, содир этилган мудҳиш террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлганлиги муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия раҳбарига таъзия изҳор этди.