АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида уч кунга сел-сув тошқини хавфи эълон қилинди

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 30 сентябрь–2 октябрь кунлари сел-сув тошқини юзага келиши мумкин.

'Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида уч кунга сел-сув тошқини хавфи эълон қилинди'ning rasmi

Ўзгидромет 30 сентябрь – 2 октябрь кунлари республика ҳудудининг тоғолди ва тоғли жойларида сел-сув тошқини хавфи борлигидан огоҳлантирди.

Маълум қилинишича, ушбу кунларда айрим ҳудудларда кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел оқимлари юзага келиши, шунингдек, ёмғир сувларининг тўпланиши натижасида айрим жойларни сув босиши мумкин.

Сел-сув тошқини хавфи қуйидаги ҳудудларда қайд этилган:

— Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманларида;

— Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ва Музробот туманларида;

— Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой ва Иштихон туманларида;

— Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех ва Кармана туманларида;

— Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш ва Янгиобод туманларида;

— Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманларида, шунингдек, Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида;

— Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманларида;

— Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманларида;

— Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод ва Марҳамат туманларида, шунингдек, Хонабод шаҳрида.

"Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз", дейилади огоҳлантиришда.

Синоптиклар маълумотига кўра, 30 сентябрь ва 1 октябрь кунлари республика ҳудудининг айрим жойларида ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда эса айрим жойларда кучли ёмғир ёғиши, баланд тоғларда ёғингарчилик қорга айланиши эҳтимоли бор.

Фуқаролардан об-ҳаво шароити ва тегишли хизматларнинг огоҳлантиришларини инобатга олиб, тоғли ҳудудларда ҳаракатланиш вақтида эҳтиёткорлик чораларига риоя қилиш сўралмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида уч кунга сел-сув тошқини хавфи эълон қилинди - Darakchi.uz