Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими бўйича янги рекорд қайд этилди. 28 сентябрь куни метро тарихида илк бор бир кунда 1,2 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилди.
“Тошкент метрополитени” акциядорлик жамияти маълум қилишича, шу куни метрополитен хизматларидан жами 1 миллион 200 минг 124 нафар йўловчи фойдаланган.
Шу муносабат билан метрополитен маъмурияти томонидан махсус тадбир ташкил этилди. Унда рекорд кўрсаткични қайд этган 1 миллион 200 мингинчи йўловчи аниқланиб, унга эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, омадли йўловчига бир йил давомида жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имконини берувчи махсус транспорт картаси тақдим этилди.
Тошкент метрополитенида бундан аввалги рекорд 21 сентябрь куни қайд этилган эди. Ўша куни метро хизматларидан 1 миллион 181 минг 581 нафар йўловчи фойдаланган.
Шундай қилиб, орадан бир ҳафта ўтиб, пойтахт метрополитени йўловчилар оқими бўйича ўз рекордини яна янгилади.






