АсосийЖАМИЯТ

2027 йилдан пенсия учун қоғоз ҳужжатлар қабул қилинмайди

2027 йил 1 январга қадар пенсия таъминотига оид хизматлар тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказилади.

'2027 йилдан пенсия учун қоғоз ҳужжатлар қабул қилинмайди'ning rasmi

Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ва маълумотларни қабул қилиш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда Президентнинг 28 сентябрдаги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, 2027 йил 1 январга қадар пенсия таъминотига оид хизматлар тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказилади.

Жумладан, фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз қуйидаги хизматлар проактив тарзда кўрсатилади:

– 2026 йил 1 ноябрдан иш ҳажмининг қисқариши ёки корхонанинг тугатилиши сабабли ишсиз деб эътироф этилган шахсларга белгиланган ёшдан икки йил аввал ёшга доир пенсия тайинланади;

– 2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади;

– пенсия ёшига бир йил қолган фуқаролар “Менинг пенсиям” онлайн хизмати орқали олдиндан хабардор қилинади.

Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида фаолият юритувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўлаган тақдирда, уларга бир йиллик иш стажи автоматик ҳисобланади.

2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга фуқароларга ишламайдиган оила аъзоларининг иш стажига эга бўлиши учун ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи миқдорида ихтиёрий ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи ҳам берилади.

    Бошқа янгиликлар

    2027 йилдан пенсия учун қоғоз ҳужжатлар қабул қилинмайди - Darakchi.uz