Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 22 нафар ўқувчи пахта даласига сепилган кимёвий воситадан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 сентябрь куни соат 11:45 атрофида Ғузор туманидаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 21 нафар ўқувчиси кўнгил айниши ва бош оғриғи каби аломатлар билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида мактаб жойлашган “Янгиобод” маҳалласига туташ ҳудудда “Шохмалик Шермурод ўғли” фермер хўжалигига тегишли 88 гектар ер майдони борлиги аниқланган. Унинг 20 гектари мактаб атрофида жойлашган бўлиб, мазкур майдонларга пахта экилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 23 сентябрь куни соат тахминан 09:00 да фермер хўжалиги томонидан пахтанинг эрта етилишини таъминлаш мақсадида “Агро Аугрон” номли кимёвий восита сепилган.
Оқибатда мактабда бўлган 10–11-синфларнинг 22 нафар ўқувчиси ҳаво орқали заҳарланганлик аломатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган. Уларга дастлаб “ошқозон диспепсия синдроми” ташхиси қўйилган.
Ҳозирда 7 нафар ўқувчи Ғузор туман тиббиёт бирлашмасида стационар даволанмоқда. Қолган 15 нафар ўқувчининг соғлиғи яхшилангани сабабли улар яшаш манзилига жавоб берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 201-моддаси 1-қисми (зарарли кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли экспертизалар тайинланган. Айни вақтда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






