Қонун лойиҳасида болаларга нисбатан зўравонлик ва жинсий тажовузлар учун жавобгарликни кучайтириш, жабрланган болаларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган қатор нормалар белгиланмоқда.
Хусусан, 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш учун узоқ муддатли ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, болаларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли шахсни жавобгарликдан озод қилишга йўл қўймаслик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасида зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеога қайд этиш, болани гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан юзлаштиришнинг махсус тартибини жорий этиш ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизми жорий этилиши таклиф қилинмоқда.
Ҳужжатда ота-она ва таълим муассасалари ходимларининг болалар хавфсизлиги борасидаги масъулиятини ошириш, педагог томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган тақдирда меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш ҳам назарда тутилган.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланган.






