Россиянинг Амур вилоятида Ту-95 стратегик бомбардимончи-ракета ташувчи самолёти ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида экипажнинг олти аъзоси ҳалок бўлган, яна бир киши жароҳатланган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, самолёт 29 сентябрь куни ўқув-машғулот парвозини амалга ошираётган вақтда аҳоли яшамайдиган ҳудудга қулаган. Самолётда ўқ-дорилар бўлмаган.
Жароҳатланган экипаж аъзоси тиббий муассасага олиб кетилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ту-95 ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб ҳалокатга учраган. Айрим Telegram каналлари самолётдаги ёқилғи портлаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Ҳалокат сабабларини аниқлаш учун Россия Аэрокосмик кучлари комиссияси воқеа жойига юборилган.
Ту-95 — Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган стратегик бомбардимончи-ракета ташувчи самолёт бўлиб, узоқ масофага оддий ва ядровий қуролларни етказиб бериш учун мўлжалланган.
Маълумот учун, 15 июнь куни Иркутск вилоятида Россияга тегишли Ту-22М3 самолёти ҳам ўқув-машғулот парвози вақтида ҳалокатга учраган. Ўшанда экипаж аъзолари катапульта қилишга улгурган.






