Яман Вакиллар палатаси Президентлик кенгаши раиси Рашад ал-Алимийнинг ҳусийларга қарши умумий сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги мурожаатини маъқуллади. Қарор ҳусийларнинг сўнгги ҳаракатлари фонида қабул қилинган. Бу ҳақда Яманнинг SABA давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Вакиллар палатасининг кенгайтирилган онлайн мажлисида қабул қилинган қарор Яман Конституциясининг умумий сафарбарликни тартибга солувчи 37-моддаси, шунингдек, миллий мудофаа, фавқулодда чоралар ва фуқаро муҳофазасига оид бошқа қонун ҳужжатларига асосланган.
Унга кўра, умумий сафарбарлик қарор эълон қилинган пайтдан кучга киради ва уни қабул қилишга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар амал қилади.
Вакиллар палатаси, шунингдек, Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб коалициясини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ҳамда миллий бирликни таъминлаш ва сиёсий кучлар ҳаракатларини мувофиқлаштиришга чақирди.
Аввалроқ, 25 сентябрь куни Яман Президентлик кенгаши раиси Рашад ал-Алимий мамлакат аҳолисини умумий сафарбарликка чақирган эди. У фуқароларни қуролли кучлар ва хавфсизлик тузилмалари сафига қўшилишга даъват қилган.
Ал-Алимий ҳукуматнинг асосий мақсади давлат институтлари устидан назоратни тиклаш ва Яман ҳудудида давлат суверенитетини таъминлаш, жумладан, 2014 йилдан буён ҳусийлар назоратида бўлган пойтахт Сано устидан назоратни қайта ўрнатиш эканини билдирган.
Маълумот учун, 2014 йил сентябрь ойида ҳусийлар Яман пойтахти Санони эгаллаган. Шундан сўнг мамлакатда икки ҳокимият маркази шаклланган. Халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукумат асосан Яманнинг жанубий ва шарқий ҳудудларида, ҳусийлар эса Сано шаҳри ҳамда мамлакат шимоли ва ғарбий қисмининг катта ҳудудларида назорат ўрнатган.






