АсосийДУНË

Каспийдаги машғулотларда ҳарбийлар қутқарув нимчаларисиз қолган — Тўқаев

Қозоғистон президенти фожиа сабабларини ва хавфсизлик чораларига риоя этилганини текширишни топширди.

'Каспийдаги машғулотларда ҳарбийлар қутқарув нимчаларисиз қолган — Тўқаев'ning rasmi

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида ҳарбий хизматчилар зарур жиҳозлар, жумладан, қутқарув нимчалари билан таъминланмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.

Бу ҳақда у 27 сентябрь куни Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан ўтказган йиғилишда айтди.

Тўқаев ҳукумат комиссиясига машғулотларни тайёрлаш ва ўтказиш, ҳарбийларни зарур воситалар билан таъминлаш ҳамда хавфсизлик чораларига риоя этилиши учун масъул мансабдорларнинг ҳаракатларини текширишни топширди.

Шунингдек, машғулотлар режасини ким ишлаб чиққани ва тасдиқлагани, Бош штаб томонидан ишлар қандай мувофиқлаштирилгани ҳамда Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони нима сабабдан машғулотларда бўлмагани юзасидан текширув ўтказиш вазифаси қўйилди.

Президент ҳарбий хизматчиларнинг тинчлик даврида ҳалок бўлишини офицерлар, жумладан, генераллар томонидан йўл қўйилган “жиноий характердаги нопрофессионаллик” билан боғлади.

Фожиа 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Каспий денгизидаги “Хазар қалқони — 2026” ҳарбий машғулотлари вақтида содир бўлган. Ҳарбий хизматчиларни “Қайсар” катеридан тушириш вақтида об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви ва кучли шамол оқибатида 17 нафар ҳарбий денгизга олиб кетилган. Улардан 3 нафари қутқарилган, 14 нафари ҳалок бўлган.

Ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Расмий маълумотларга кўра, тергов хизматга бепарво муносабатда бўлиш ва кемани бошқариш қоидаларини бузиш билан боғлиқ моддалар асосида олиб борилмоқда. Мудофаа вазирлигининг бир қатор мансабдор шахслари, жумладан, юқори ва катта қўмондонлик таркиби вакиллари ҳибсга олинган.

27 сентябрь куни Тўқаев Мудофаа вазири Даурен Косановни лавозимидан озод қилди. Унинг ўрнига Айдўс Мирсахметов тайинланди.

    Бошқа янгиликлар