1

Адҳам Солиев ҳеч қайси хонанданинг хаёлига келмаган жойда концерт бермоқчи

ШОУ-БИЗНЕС 09.01.2017, 10:11
Адҳам Солиев ҳеч қайси хонанданинг хаёлига келмаган жойда концерт бермоқчи

Ўзининг ноодатий мусиқа йўналишига эга, халқ тилидан, халқчил сўзлар билан ҳаётий мавзуларда ижод қилиши билан эътиборни тортган хонанда, Ниҳол мукофоти совриндори Адҳам Солиев бугун “Мен ҳақимда” лойиҳаси меҳмони.

Ижодда камнамо(ми?)

— Сўнгги пайтларда Адҳам Солиев кўринмай қолди, деган гапларга умуман қўшилмайман. Чунки ижодим аввалгидан-да фаоллашган, фақат изланишда ва ижоддамиз. Бу меҳнатларимизни ҳар куни мухлисларга ТВ орқали тақдим этиш учун маблағим етмай қолади баъзида. Чунки бугун телевидениедаги аксарият теледастурлар, янги қўшиқлар премьераси тўлов-шартнома асосида. Ҳар бирига тўлов тўлаб, рекламага пул сарфлашга тўғри келяпти. Лекин бу фикрим билан телерадиоканалларни қоралашдан жуда йироқман. Ҳамма ўзининг иши, вазифаси билан банд. Хизматлар пуллик дегани билан айрим мусиқий телерадиоканаллар мухлислар талабидан келиб чиқиб ижод маҳсулларимни бериб туришибди. 

“Адҳам кўринмай қолди” деяётган мухлисларим учун махсус концерт дастуримизни ташкиллаштириш режалаштирилган. Режиссёр Саъдулла Абдуллаев билан ҳамкорликда шу йили яккахон дастур бўлади. Аммо бу доимгидек “Истиқлол” санъат саройида эмас. Ишонч билан айтаманки, 2017 йилда бериладиган концерт дастурим учун танланган жойда ҳали ҳеч қайси хонанда концерт бермаган. Тоғ ён бағридаги бу учрашув кўпларнинг ёдида узоқ вақт сақланиб қолишига ишонаман. 

Хит

— Хит яратиш фақат менинг қўлимда эмас. Бу ғойибдан келадиган бир сеҳр деб биламан. Ҳар бир хонанда ва шу ўринда мен ҳам ҳар бир ёзилаётган қўшиқнинг омадли чиқиши, ҳаммага маъқул келишини, унга талаб кўпайишини хоҳлайман. Аммо бу фақатгина биз ижодкорларнинг қўлидаги иш эмас эканини тушуниб етиш керак. Энг асосийси ҳаракатдамиз. Масалан, куни кеча тўйхонадаги вазиятлардан таъсирланиб, қўшиқ ёздик. Бошқа хонанданинг фонограммасига фақат лабини ишлатиб турадиганларга аталган қўшиқ. Ҳақиқий истеъдодлар четда қолиб, санъат шундайларга қолиб кетаётганини муаммо сифатида куйладим.

Муаммо.

— Очиғини айтганда бугунги кун мухлислари аввалгидек санъаткорларни ҳурмат қилишмайди. Бунга халқ олдида бироз тарбиясизлик қилиб қўйган санъаткорларнинг ўзи айбдор! Бизнинг сафда ҳам номимизни булғаб юрганлар жуда кўп. Мен ана шундайларни камайтирган ва уларнинг ўрнига ҳақиқий истеъдодларни қўллаб-қувватлаган бўлардим. Чунки софдил, меҳнати билан юзага чиқиб келаётганлар ёмонларнинг касрига қолмаслигини истайман.

Дўстлар

— Менинг аксарият дўстларим бу ҳамкасбларим. Абдурашид Йўлдошев, Достон Убайдуллаев, Музаффар Абдуазимов, Анвар Санаев, Фарҳод Саидов, Зокиржон Очилдиевлар билан мен доим илиқ дўстона муносабатдаман. Ҳеч қачон улар билан “сен-мен”га бормаганмиз. Яхши-ёмон кунларда доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаб келамиз. 

Хобби

— Аслида табиатдан жуда кўп нарсаларга қизиқаман. Шу қаторида гулларни парваришлаш ҳам менга завқ бағишлайди. Қишин-ёзин  ям-яшил бўлиб турган табиатдан баҳра олишни ёқтирганим учун шу йил қишки боғимни яратдим. Турли хил катта-кичик гулларни экиб, уларнинг ифоридан сархуш бўляпман. Чарчаганимда ҳам ана ўша боғда дам олишни ёқтираман. 

Фарзандлар

— Икки ўғлим бор. Каттасининг исми Фахриддин Умаров. Дадам Умархоннинг дадаси, яъни бобом, устоз ҳофиз Фахриддин Умаровни жуда яхши кўрар эдилар. Гапларининг бирида “Битта ҳам ўғлимга Фахриддин деб исм қўя олмадим-да” деган эканлар. Шунда дадам ўз исмларини ўғлимга шариф қилиб бериб, исмини Фахриддин деб қўйганлар. Тўнғичимнинг бошқа болаларга ўхшаб оддий ўйинчоқлар ўйнаб ўтирганини кўрмайман. Доим қўлида микрофон ёки мусиқий асбоблар чалиб ўтиради. Санъаткор бўлишни жуда истайди. Тўғриси, ўзим бунга қаршиман. Тажрибадан келиб чиқиб фарзандимга касбнинг қийинчиликларини унга раво кўрмайман. Кенжам 3 ярим ёш — Аслиддин Солиев эса ҳозирча акасининг акси. 

Алия СУЛАЙМАНОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1