Хонанда Шоҳруҳхон “Даракчи” газетасининг 2017 йилдаги илк сони меҳмони бўлди. Хонанда билан интервьюни тўлиқ талқинда эътиборингизга хавола этамиз.
— Янги йил муборак! Байрамни кўнгилдагидек қарши олдингизми?
— Раҳмат, ўзингизга ҳам муборак! Одатга кўра, тўкин дастурхон атрофида қариндошларимиз билан бирга кутиб олдик. Болалигимиздан онам “Янги йил – оилавий байрам! Шунинг учун уйда, оила даврасида жамулжам бўлиш керак!”, деб ўргатганлар. Бу қоидани ҳеч биримиз бузмаганмиз. Янги йилни кутиб олгандан кейин ҳеч ким тарқалиб кетмайди, то тонгга қадар ўйин-кулги қиламиз.
— Шоҳруҳхон, ошхонадаги “ижод”ингиз санъатдаги кабими?
— Йўқ (кулади). Сира ҳақиқий ошпазлар тайёрлайдиган таом пишириб кўрмагандим. Шу вақтгача тухум қайнатиб, картошка, гўшт қовурганман, холос.
— Ошхона эркаклар ўралашадиган жой эмас, деган фикрдамисиз?
— Аслида эркаклар аёлларга нисбатан мазали таом пиширади. Лекин вақт масаласи тиғиз бўлгани боис енгил тайёрланадиган егуликлар билан чекланаман. Агар вақтим бемалол бўлганида продюсерим Иззат Номозовдан таом тайёрлаш сирларини ўрганган бўлардим. У ҳақиқатдан ҳам овқатни маромига етказиб пиширади, ҳавасим келади.
— Уйингиздагиларни фақат сизнинг қўлингиздан ейдиган овқати борми?
— Фақат “Чой қўйиб юбор”, дейишади, холос (кулади). Махсус байрамларда ҳам уйда аёлларни ошхонадан озод этиб, хурсанд қилолмасам-да, бошқа усуллар орқали кўнгилларини олишни уддасидан чиқаман.
— Фақат онангиз қўлидан ейишни хуш кўрган таомингиз борми?
— Онам тайёрлайдиган шўрваларга етадигани йўқ. Боиси уларни ўз фантазияларига асосланиб пиширадилар.
— Суҳбатимизни ижод “ошхонаси”га бурсак, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева Самарқанддан Тошкентга келгунга қадар сизнинг “Алдамадим” қўшиғингизни тинглаб, ҳатто жўр бўлиб хиргойи қилиб келибдилар. Қўшиғингиз нимаси билан ёққан бўлиши мумкин?
— Балки сўзлари ёққан бўлиши мумкин, яна ким билсин (самимий кулади). Аслида бу қўшиқдан юқори парвоз кутмагандим. Лекин яхши натижа берди, хурсанд бўлдим. Бастакор Фаррух Бадалбаев қўшиқни эшиттириб, “Агар шу қўшиқни куйласанг, мухлисларинг аудиторияси кенгаяди. Нафақат ёшлар, балки катталар ҳам қўшиқларингни мароқ билан тинглайдиган бўлишади”, деганди. Очиғи, ўшанда Фаррух аканинг гапларига ишонмагандим. Лекин ҳозир қанчалар ҳақ бўлганига аминман.
— Рейтингингизни қандай қилиб бир маромда ушлаб туришга эришасиз?
— Балки бу – омадли эканимдандир. Тўғриси, у қадар истеъдодли ижодкор эмасман. Ўзимни ҳаваскорлар сирасига қўшаман. Чунки мендан анча маҳоратли истеъдод эгаларини танийман, уларнинг овозига ҳатто мухлисман. Улар ҳам халққа танилишни, тинимсиз қўшиқлар тақдим этиб, санъатсеварларни хурсанд қилишни хоҳлашади. Фақатгина уларга омад етишмайди, назаримда.
— Камтарлик қиляпсизми ё чиндан имкониятларингизни реал баҳолaяпсизми?
— Йўқ, бу камтарлик эмас. Хонанда сифатида ҳали ижод сирларини анчагина ўрганишим керак.
— Хонандалар тўйлар орқали даромад қилади. Шу маънода хизмат ҳаққингизни бермаган тўй эгалари ҳам бўлганми?
— Албатта! Бундай вазият кўп бўлмайди-ю, лекин учраб туради. Шундай ҳолатлардан бири ёдимда қолган. Тўйхонага борганимизда тўй эгаси “Сизга бугун хизмат ҳаққингизни беришим керак эди. Лекин бор пулимни тўйхонанинг ижарасига бердим. Узр, сизни овора қилдим”, деган. Шунда созандаларимга “Юринглар, қўшиқ айтиб берсак, биздан ҳеч нима кетмайди!”, дея тўй эгаларини хурсанд қилгандик.
— “Тўйда файз олди”, деган гаплар қулоққа чалинади. Назарингизда файз нима?
— Тўйхонага йиғилганларга юқори кайфият улаша олиш.
— Файз олган яхшими ё файзли санъаткор бўлишми? Шоҳруххон қайси тоифага киради?
— (Ўйланиб) Ҳам файз ола билиш, ҳам файзли санъаткор бўлиш керак, назаримда. Ўзим ҳар икки тоифага кираман.
— Оилангизда бешта санъаткор бор. Санъаткорлар оиласининг ўзига яраша яхши ва салбий жиҳатлари ҳам бўлса керак?
— Яхши томони ҳамма битта соҳада ишлайди, бир-бирини тушунади, суҳбатлашиш учун мавзу, ғоялар кўп бўлади. Шу ғояларни жамлаб, жуда яхши натижаларга эришилади. Ёмон томони: миш-мишлар халақит беради. Қилмаган ишларимни “Шоҳруххон фалон иш қилибди”, дея асоссиз гап тарқатишади, бундан ранжийман, албатта.
— Сизга онангиз Зебо Наврўзованинг фильмларида суратга тушиш осонроқми ё бошқа режиссёрларда?
— Суратга олиш майдончасида онам менга фильмга таклиф қилинган актёр сифатида қарайдилар. Лекин онам билан ишлаш осонроқ, эркинлик етарлича-да. Масалан, “чарчадим”, дея ётиб олсам, “ҳа, майли, актёримиз чарчабди, танаффус эълон қиламиз”, дейдилар. Ўғиллари эканим ёдларига тушиб қолади (кулади). Бошқа режиссёр билан ишлаш эса тажриба орттиришга имкон беради.
— Ўзингизни қайси тарихий қаҳрамон ролида кўра оласиз?
— (Ўйланиб) Мажнун!
— Нега айнан Мажнун?
— Бу юрагимнинг танлови.
— Ақл билан юрак тўқнашиб қолганда юрак устунлик қиладими дейман?
— Кўпинча иккаласи муроса қилолмайди. Аслида ақл билан иш қилиш керак, лекин юрак барибир ўз “сўз”ини айтади. Олтин ўрталикни топишга ҳаракат қиляпман, бироқ тўла уддасидан чиқолганимча йўқ.
— Ўтган 2016 йилни сарҳисоб қилдингизми?
— Умр “саҳифа”ларимни варақлаганда, алоҳида ёдда қоладиган йил бўлди. Концерт дастурим муваффақиятли ўтди, оила қурдим, ҳар бир куним хурсандчиликларга бой бўлди.
— Янги йилда олдингизга катта-катта режалар қўйган бўлсангиз, ажабмас...
— Шу вақтгача ўйлаган режаларимга ортиғи билан эришдим. Оилам тинч, кўнглим хотиржам, ижодда ўзимни топа олдим. Лекин ҳозиргидан кўпроқ ишламоқчиман. Авваллари бир йилда зўрға битта қўшиқ ёзардим. Ҳозир илҳом парилари шу қадар тинчлик бермаётганидан бир ойда тўртта: “Ёнингдаман”, “Паризод”, “Маликам”, “Ўзбекистон” қўшиқларини ёздим. Ҳаммаси ўзимга шу қадар ёқяптики, қайси бирини мухлисларга тақдим этишни билолмай, ҳайронман.
— Нима сизни шу қадар илҳомлантиряпти?
— Улғайдим, шекилли. Дунёқарашим кенгайди, овоз “тембр”им ўзгарди. Февралда бўлиб ўтадиган концертимга ҳам доимгидан-да, ўзгача шижоат билан тайёргарлик кўряпман.
— Шоҳруххон миллий йўналишда ижод қилишни бошласа-я?
— Миллий йўналишга яқин икки-учта қўшиқ ёздим. Тинглаб кўрганлар ҳайратланишди, ўзим ҳам ҳайратдаман (кулади). Бора-бора миллий йўналишда ижод қилсам керак...
Блиц:
— Кечиримлимисиз?
— Жуда жиддий хатоларни ҳам кечириб юбораман. Бу феълим кўп панд беради. Кечиримлилигимни суиистеъмол қилаверишади.
— Хонанда бўлмаганингизда қайси соҳа вакили бўлардингиз?
— (Ўйланиб) Фотограф, клипмейкер.
— Қайси мавзуда суҳбатлашиш сиз учун мароқли?
— Ғаройибот ҳақида. Рости, яхшигина хаёлпарастман. Кўпинча, суҳбатдошимнинг сўзини эшитаётгандек, соатлаб юзига қараб туриб, аслида ўз дунёмда юрган бўламан.
— Шоҳруххонга четдан баҳо беринг...
— Бир қарашда калон димоғ. Аслида жуда ажойиб одамман, буни сўз билан тушунтиролмайман. Қандайлигимни билиш учун кун давомида мен билан бирга юриш керак (кулади). Кутилмаган ишлар билан атрофдагиларни ҳайратлантираман.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Алишер ХОЛХЎЖАЕВ