АсосийБУ ҚИЗИҚ

Австралияда эркак тасодифан 1 миллион долларлик балиқни тутиб олди

Маълум қилинишича, Морис 5 ноябрь куни футбол машғулотидан сўнг хориждан меҳмонга келган укаси билан балиқ овлашга қарор қилган.

'Австралияда эркак тасодифан 1 миллион долларлик балиқни тутиб олди'ning rasmi

Австралиянинг Дарвин шаҳрида яшовчи 26 ёшли Мэтью Морис укаси билан тунги балиқ овлашга чиқиб, 1 миллион долларлик бош соврин соҳиби бўлди. У қарийб 80 сантиметрлик баррамунди балиғини тутиб олганида унинг танасидаги махсус қизил белгини пайқаган. Бу белги миллион долларлик мукофотни англатган. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Маълум қилинишича, Морис 5 ноябрь куни футбол машғулотидан сўнг хориждан меҳмонга келган укаси билан балиқ овлашга қарор қилган. Улар қайиқда узоққа бормасдан, уни сувга туширган жойдан бир километрга ҳам етмайдиган масофада тўхтаган.

Мориснинг айтишича, ака-ука балиқ тутишдан кўра биргаликда вақт ўтказиш ва суҳбатлашишни мақсад қилган. Бироқ ўша кечада у қарийб 80 сантиметр узунликдаги баррамунди балиғини тутиб олган. Балиқ сувдан сакраб чиққан пайтда унинг танасига бириктирилган қизил белгини кўрган.

Мазкур белги Австралиянинг Шимолий ҳудудида ўтказилаётган “Million Dollar Fish” мусобақасидаги бош совринга тегишли эди.

Мусобақа доирасида 1 октябрдан бошлаб сув ҳавзаларига махсус белгилар бириктирилган 101 та баррамунди балиғи қўйиб юборилган. Уларнинг биттаси 1 миллион долларлик бош совринга, қолган 100 таси эса ҳар бири 10 минг доллардан бўлган мукофотларга эга.

Морис тутган балиғини топширганидан кейингина ундаги қизил белги айнан 1 миллион долларлик бош совринга тегишли эканини билган. Унга бу хушхабарни Шимолий ҳудуд бош вазири Лиа Финнокьяро етказган.

Шундан сўнг Морис онаси ва укасига қўнғироқ қилиб, омадли ов ҳақида хабар берган.

Эркакнинг сўзларига кўра, у ютуқ пулига уй сотиб олиш, мавжуд қарзларини тўлаш ва ўзига ҳам бирор совға харид қилишни режалаштирмоқда. У миллион долларлик мукофотни оқилона сарфлаш ниятида эканини билдирган.

Қайд этилишича, Морис мусобақанинг 12 йиллик тарихида 1 миллион долларлик бош совринни қўлга киритган иккинчи иштирокчи бўлди. Бундан уч йил аввал Кэтрин шаҳрида яшовчи Киган Пейн ҳам шундай балиқни тутиб, миллион долларлик мукофот соҳиби бўлган.

Маълумот учун, “Million Dollar Fish” мусобақаси Австралия Шимолий ҳудудининг туризм ва тадбирлар ташкилоти ҳомийлигида ўтказилади. Танлов 2027 йил 31 мартгача давом этади. Ҳозирча 10 минг долларлик совринга эга бўлган балиқларнинг 96 таси тутилмаган.

    Бошқа янгиликлар