АсосийJamiyat

Шавкат Мирзиёев раҳбарларнинг “силлиқ” ҳисоботлари ҳақида: “Буни халқ ҳеч қачон кечирмайди!”

Энг асосий устувор вазифа – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат. 

Бош мақсадимиз – фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. Бу борада рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, навбатдаги кампаниябозликни уюштириш керак эмас. 

Буни халқ ҳеч қачон кечирмайди! 

Бундан буён агар аризачи олган жавоб хатидаги ўз қонуний муаммоси ечимидан қаноат ҳосил қилмаса, бундай мурожаат назоратдан олинмайди. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида таъкидланди.

Унинг сўзларига кўра, ҳаётнинг ўзи ва халқнинг талаблари бизнинг олдимизга амалий ечимини топиш лозим бўлган янги ва янада мураккаб вазифаларни қўймоқда. 

Бу ўринда асосий муаммо, менинг назаримда, қуйидагилардан иборат. 

Биринчидан, айрим идоралар ва уларнинг раҳбарлари реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан маълум даражада узилиб қолмоқда. 

Иккинчидан, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурларини ишлаб чиқишда юзаки ёндашувга йўл қўйилмоқда. 

Ва ниҳоят, учинчи асосий камчилик – кўпчилик раҳбарларнинг мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, иқтисодиёт тармоқлари, ҳар бир корхонадаги, шаҳар ва туманлардаги, айниқса, қишлоқ жойлардаги ишлар қандай аҳволда эканини чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолгани билан боғлиқ.

    Бошқа янгиликлар