АсосийJamiyat

Шавкат Мирзиёев Рустам Азимовга коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш юзасидан аниқ таклифлар киритишни топширди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Меҳнат вазирлиги ва унинг раҳбари А.Абдуҳакимов фаолияти самарадорлигини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. 

Юртимизда йилига 1,5 миллион одамни ишга жойлаштиришга эҳтиёж бўлса-да, ўтган йили Бандликка кўмаклашиш марказлари атиги 248 минг кишини ёки 16,5 фоизини ишга жойлаштирган.Бунинг асосий сабаблари иш фаолиятидаги эскирган шакл ва усуллар ҳамда бандлик муаммоларини ҳал этишдаги расмиятчилик билан боғлиқ. 

Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартномаларни амалга ошириш борасида кўплаб қўшиб ёзиш ҳолатлари бартараф этилмаган. 

Ана шу муаммоларга барҳам бериш бутун Макроиқтисодиёт комплекси ва шахсан меҳнат вазирининг биринчи даражали вазифасига айланиши керак. 

Сизга, Рустам Содиқович, 15 кун муддатда ушбу ишга барча иқтисодий ва молиявий органлар, банк муассасалари ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бўлинмалари ходимларини, шунингдек, барча бўғиндаги ҳокимлар ўринбосарларини жалб этишни назарда тутадиган, принципиал жиҳатдан янги, таъсирчан механизмни жорий этиш юзасидан аниқ таклифлар киритишни топшираман. 

Аниқ бир мисол билан ушбу муаммони ҳал этишнинг реал йўлини айтмоқчиман. Андижон вилоятининг аҳоли зич жойлашган Олтинкўл туманида 7 та касб-ҳунар коллежи бор, уларни бу йил турли мутахассисликлар бўйича 2 минг 300 нафар битирувчи тамомлайди. Туман ҳудудида 714 та хўжалик юритувчи субъект, жумладан, саноатда – 371 та субъект, қурилишда – 167 та субъект, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида – 156 та субъект ва бошқа ташкилотлар фаолият кўрсатади. 

Тумандаги ҳар бир хўжалик субъектига ўртача 3 нафар битирувчи тўғри келади. 

Туманда бюджетдан ойлик оладиган иқтисодий комплекс ташкилотларидаги жами 400 нафар ходим ушбу корхоналарнинг самарали ишлашига амалий ёрдам берса, масалан, кимгадир кредит, яна кимга хомашё ёки малакали маслаҳат билан кўмаклашса, бу ишни бемалол бажарса бўлади. Агар ана шу 400 нафар одам ойига биттадан иш ўрни ташкил этишга кўмаклашса, бир йилда 4 минг 800 та янги иш жойига эга бўлиш мумкин. 

Бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур. 

Буларнинг барчасини ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаш ва энг асосийси, хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг нафақат мажбуриятини, балки шахсий масъулиятини ҳам белгилаш зарур. 

Фақат шундай йўл билан биз давлатнинг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари олдидаги мажбуриятини бажаришимиз мумкин. Худди шундай амалиётни республика олий таълим муассасалари битирувчилари бўйича ҳам ишлаб чиқиш ва жорий этиш даркор.

    Бошқа янгиликлар