Ўзбекистон паспорти 2017 йилда дунёнинг энг кучли паспортлари рўйхатига кирди. Бу ҳақда ушбу рўйхатни чоп этган Passport Index портали хабар берди.
Мазкур рўйхатда паспортнинг кучи унинг эгаси визасиз чиқиши мумкин бўлган мамлакатларнинг сонига қараб белгиланган. Рўйхатда келтирилишича, ўзбекистонликлар ўз паспортлари билан 54 давлатга визасиз чиқишлари мумкин.
Ушбу рўйхатда Ўзбекистон 70-поғонани эгаллади. Ўзбекистон билан ушбу ўринни Гвинея, Кот-д’Ивуар, Тожикистон бўлишди.
Рейтингнинг энг юқори поғонасидан Германия жой олди, унинг фуқаролари визасиз 157 давлатга боришлари мумкин. Иккинчи ўринни Швеция ва Сингапур бўлишди. Ушбу паспорт эгалари визасиз 156 та мамлакатга ташриф буюришлари мумкин.
Илк учликдан Дания, Финляндия, Франция, Испания, Швейцария, Норвегия, Буюк Британия ва АҚШ ҳам жой олди (155 давлат).
Рўйхатдаги энг сўнгги поғона Афғонистонга насиб этди. 23 та мамлакат билан у 95-ўринда.