1

​Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимига бағишланган видеоселектор ўтказди

ЖАМИЯТ 08.02.2017, 11:16
Теглар: Саломатлик, Ўзбекистон, Соғлиқни сақлаш, Тиббиёт, Касаллик, Шавкат Мирзиёев
​Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимига бағишланган видеоселектор ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев 7 февраль соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди, дея хабар беради ЎзА.

Давлатимиз раҳбари кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётганини таъкидлади. Буни аҳолидан Халқ қабулхоналари ва Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлар тасдиқлаб турибди.

Бирламчи тиббиёт муассасалари, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолияти ҳамон қониқарсиз аҳволда қолмоқда. Шифохоналар ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, жумладан, ижтимоий дорихоналар ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

Тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича сезиларли ишлар кўзга ташланмаяпти. Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантириш ишларига етарлича эътибор берилмаяпти.

Тиббий хизмат инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши, соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак. Бунинг учун шифокорларнинг маданиятини, маънавиятини, масъулиятини ошириш, ишга ва беморларга муносабатини ўзгартириш зарур, деди давлатимиз раҳбари.

Қишлоқ врачлик пунктлари жойлашувини қайта кўриб чиқиш, самарасиз ишлаётган пунктларни оптималлаштириш, уларга сарфланаётган маблағларни талаб юқори бўлган ҚВПларни моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамлаш, мақсадга мувофиқларини поликлиникаларга айлантириш, малакали шифокорларни рағбатлантиришга йўналтириш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишлаши, врач у ерда яшаши учун зарур шароитлар яратиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўтган йилларда аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Жойларда қишлоқ врачлик пунктлари бунёд этилди, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Лекин одамлар қуруқ бинога бормайди, мутахассисга боради. Шу боис қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларда энг яхши мутахассислар ишлаши керак. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, республика ва вилоят шифохоналаридаги малакали врачлар жадвал асосида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда қабуллар ўтказиши лозим, деди Президентимиз. Шунда халқимиз тиббий хизматдан рози бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ихтисослаштирилган марказларнинг туман тиббиёт бирлашмалари, бу бирлашмаларнинг қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди. Тиббий хизматнинг қайси турлари бепул амалга оширилиши ва қайсиларига пул тўланишини аниқ белгилаш, ҳар бир муассасада кўринарли жойга ёзиб қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 31 октябрда қабул қилинган «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бу маҳсулотларнинг нархи анча арзонлашди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент, тегишли вазирлик ва ҳокимликлар вакиллари иштирокида дори-дармон воситаларининг белгиланган нархларда сотилиши назорат қилиб борилмоқда.

Президентимиз дори-дармон воситалари ноқонуний равишда баланд нархда сотилишига йўл қўймаслик, халқ манфаатларини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги департаментда “Ишонч телефонлари” ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. Бу телефон рақамлари ҳар бир дорихонага осиб қўйилади, телевидение орқали кўрсатилади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири А.Икромов, вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев, вазир ўринбосари Э.Боситхонова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент бошлиғи З.Дўсанов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов, Тошкент шаҳри, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм, Тошкент, Фарғона, Бухоро, Жиззах вилоятлари ҳамда Бекобод, Олтиариқ, Вобкент туманлари ҳокимларининг ахборотлари тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббий хизмат самарадорлигини янада ошириш, бу борада белгиланган устувор йўналиш ва вазифаларни бекаму-кўст бажариш бўйича мутасаддиларга алоҳида топшириқ ва кўрсатмалар берди. Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилиш тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш ишлари тизимли равишда олиб борилиши ва қатъий назоратда эканлигини кўрсатди.

Шарҳлар

Ўзбекистон Эронни мағлуб этиб, Осиё кубогига йўлланмани қўлга киритди (видео)

13.09.2023, 11:02

Осиё кубоги учун саралаш ўйинлари якунланди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири. Маълум бўлишича, сўнгги 6 ўйинда рақиблари дарвозасига 25 та гол киритиб, 3 та гол  ўтказиб...
⚡️Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамкорликда ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг нархлари эълон қилинди

24.01.2023, 10:47

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорликда 19 турдаги енгил автомобиллар, жумладан микроавтобус, пикап, седан ва бошқаларни ишлаб чиқаришни режалаштирган. Қирғизистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи 13...
Путин Ўзбекистондаги ғайритабиий совуқлар ҳақида фикр билдирди (видео)

18.01.2023, 11:45

Россия президенти Владимир Путин иқтисодий масалалар бўйича йиғилиш ўтказди ва унда Марказий Осиё мамлакатларидаги совуқлар ҳақида фикр билдирди. Россия раҳбари бош вазир Михаил Мишустиндан агросаноат мажмуасида...
Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга туркман халқи алоҳида қадрлайдиган алабай зотли кучук совға қилди (видео)

21.10.2022, 13:45

Туркманистонга расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакат Парламентининг юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди, дея хабар бермоқда Прехидент матбуот хизмати. Давлатимиз раҳбари...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1