АсосийJamiyat

​“ХАЛОЙИҚ ДУОСИГА БОИС, ХАЛЛОҚ РИЗОСИГА САБАБ”

'​“ХАЛОЙИҚ ДУОСИГА БОИС, ХАЛЛОҚ РИЗОСИГА САБАБ” 'ning rasmi

Ҳазрат Навоий ана шундай буюк шарафга ноил бўлганлар

Ҳазрат Алишер Навоийнинг бунёдкорлиги ҳақида сўзлаганда, биз энг аввало, бу зот томонидан яратилган бебаҳо маънавий бойликлар – тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний”, безавол “Хамса”, ҳақиқат асрори мажоз йўсинида баён этилган “Лисон ут-тайр” достони, “Насойим ул-муҳаббат” ва “Мажолис ун-нафоис” тазкиралари каби 32та ижод намунасини кўз олдимизга келтирамиз.

Ўзбек тилининг кенг имкониятларини кўрсатиб берувчи, инсон тафаккури бугунги кунда ҳам тўлиқ англашга ожиз сиру синоатга тўла бу асарлар мана олти асрга яқиндирким, илм ва адаб аҳли томонидан эъзоз ва эҳтиром, ҳайрат ва ибрат намунаси бўлиб қолмоқда.

Ёш истеъдодлар ҳомийси

Навоий асарларини тушуниш, унинг дардини англаш, ҳаёт ва фаолиятда бу зотга маслакдош бўлишлик учун дастлаб унинг шахси ҳақида тасаввур ҳосил қилсак, ўшанда кўзланган муддао ҳосил бўлажак.

Биламизки, Ҳазрат Навоий фақат бетакрор шоир ва йирик давлат арбобигина эмас, балки маънавий мураббий ва раҳнамо, ёшларнинг ҳомийси ва муқаввийси ҳам эди. “Бадоеъ ул-вақоеъ”да келтирилишича, Навоийнинг суҳбатдошлари ва надимларининг асосий вазифаси – ёш истеъдодларни излаб топиш ва уларни амири кабир ҳузурига олиб келиш эди. Ғамхўр йўлбошчининг бевосита раҳнамолиги туфайли юзлаб ёшлар ўз истеъдодини камол топтириб, ўзлари устодлик даражасига етганлар.

Мирзо Бобурнинг гувоҳлик беришича, “аҳли фазл ва ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай”. Айний домланинг тадқиқи бўйича, замондошлари томонидан 53 та асар бевосита Мир Алишер Навоийга бағишланган. Бу – ҳазрат Навоий томонидан эллик учта истеъдоднинг меҳнатини рўёбга чиқариш ва заҳматига муносиб моддий ва маънавий рағбатлантириш демак. Бу зотнинг кўмак ва мададидан турли касб эгалари – шоирлар, олимлар, дин арбоблари, косиб ва ҳунармандлар, наққош ва мусаввирлар, хаттотлар, ҳофизлар, мусиқачилар... баҳраманд бўлиб, ўз ҳунарларини камолга етказиш орқали Ҳиротни фозиллар шаҳрига айлантирганлар.

Бунёдкорликнинг беназир намунаси

Бевосита Ҳазрат Навоийнинг шахсий маблағлари ва ташаббуси билан 12 хонақоҳ, 53 работ, 20 ҳовуз, 10га яқин ҳаммом бунёд этилганлигига мўътабар тарихий манбалар гувоҳлик беради. Навоий асос солган мадрасаларда замоннинг энг кўзга кўринган олимлари мударрислик этиб, талабалар идрор (стипендия) билан таъминланган. Бу мадрасаларда шариат илмидан ташқари тиббиёт, нужум (астрономия), ҳикмат, риёзиёт, ҳандаса, мантиқ, фалсафа каби дунёвий билимлар ҳам чуқур ўзлаштирилган. Навоий ҳиммати билан бунёд этилган бинои хайрлар фақат Ҳирот ва унинг атрофидагина эмас, балки Нишопур, Исфаҳон, Марв, Мазори Шариф, Балх шаҳарларида ҳам қад ростлаган.

Очиғини айтганда, ҳар замонда кўнгилнинг четида тилга чиқмайдиган бир иштибоҳ оралаб қолади: ҳар ҳолда, Навоий маърифатпарвар подшоҳ ва шоир Султон Ҳусайн Бойқаронинг яқин кишиси ва дўсти, давлатнинг устунларининг бири сифатида кўплаб мол-дунё соҳиби бўлган, унинг барча хайрли ишлари султон томонидан қўллаб-қувватланган. Шу боис, баъзида унинг бунёдкорлик ишларини табиий ҳолат сифатида, худди шундай бўлиши шартдек қабул қилишга кўникиб қолгандекмиз.

Аммо шуни ҳам назарда тутмоқ керакки, ҳукмдорларнинг хайрихоҳлик ва мурувватидан баҳраманд бўлганларнинг ҳаммаси ҳам “халойиқ дуосига боис ва халлоқ ризосига сабаб” бўладиган ишларни амалга ошириш учун ҳаракат қилмайди. Масалан, Навоийнинг замондоши – Оққўюнлилар саройининг шоири Қози Исо тарих мислини кўрмаган мол-дунё ва иззат-эҳтиром соҳиби бўлган ҳолда ўз такаббурлиги билан ижодкорларни ўзидан ва умуман ижод қилишдан бездириб, кимнингдир корига яраш ўрнига ҳар куни камида ўнта ғазал ёзишни ўз ҳаётининг мазмунига айлантирган экан. Ёхуд Абулқосим Бобур замонида садрлик мансабига етишган Мавлоно Муҳаммад Муаммоий ўз мансаби ва ваколатини суиистеъмол қилиб, шуҳрат топиш мақсадида аслида талабалар ва мударрислар ҳақи бўлган вақф маблағлари ҳисобидан Ҳофиз Шерозий қабри устида катта мақбара қурдирганлиги замондошлари томонидан ҳажв қилинган экан.

“Кўпдан-кўп, оздан-оз…”

Маълум бўладики, фақат моддий имкониятнинг ўзигина хайрли ишларни қилишга етарли эмас экан. Навоий ҳақиқий саховат мол-дунё кўпайганидан кейингина одамларнинг кўзига кўринарли ишлар қилишни орзу қилмоқ эмас, балки қўл қисқа бўлганда камроқ, бойиганда кўпроқ эҳсон ва мурувват қилишни ҳақиқий саховат деб билган. Кимки камбағаллиги даврида ҳиммат кўрсатмаса, бадавлат бўлганлигида ҳам нокаслигича қолади, деб таълим беради шоир:

Жуд эмас кўп базл учун кўп мол қилмоқлиғ ҳавас,

Ким берур кўпдин-кўп, оздин-оз, ани бил жуду бас.

Навоийнинг бунёдкорлик ишлари, мамлакат тинчлиги йўлида кўрсатган жонбозликлари ҳақида кўп ва хўб ёзилди ва бундан кейин ҳам ёзилади. Бу – фақат ифтихор ва ҳайратга сабаб бўладиган далиллар эмас, балки ҳар бир инсонни эзгулик сари ҳидоят этгувчи даъват ва ибрат мактаби ҳамдир. Миллий мафкурамизнинг асоси бўлмиш комил инсон ғояси деймизми, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ғоялари деймизми – барча-барчаси улуғ мутафаккир шоиримизнинг ижодида баланд пардаларда тараннум этилган ҳамда тирикликнинг мазмуни-маслагига айланган.

Олимжон Давлатов

    Бошқа янгиликлар